«Қудратли Рейнжерлар», «C.S.I.: Майами» ва «Тез Ёрдам» киносериалларида рол ўйнаган америкалик актёр кичик Рикардо Медине қотилликда айбланмоқда. Бу ҳақда Entertainment Weekly хабар қилмоқда.
Терговнинг маълум қилишича, 2015 йил 31 январь куни у Лос-Анжелесдаги уйида ўзининг ён қўшнисини қилич билан ўлдирган. Ҳодиса актёрнинг дугонасига тегишли баҳсдан кейин юз берган.
Нохуш ҳодисадан кейин Рикардо шахсан полиция ва тез тиббий ёрдамга хабар берган, лекин воқеа жойига етиб келган шифокорлар Жош Статтернинг ўлганини қайд этган. Медина ҳибсга олинган бўлса-да, 2015 йил 3 февраль куни унга айблов қўйиш учун далилларнинг етарли бўлмаганлиги сабабли озодликка қўйиб юборилган.
Ҳодисани шарҳлар экан, актёр «Бўлиб ўтган воқеадан жуда ҳам афсусдаман. Мен озодликка чиққанимдан хурсандман ва менинг қалбим Статтер оиласи билан эканлигини маълум қиламан», ― деди.
Рикардо Мединанинг иши бўйича суд 2016 йил 19 январь куни бошланади. Кафолат сифатида ундан бир миллион доллар сўралмоқда. Адвокатнинг таъкидлашича, Медина ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қиличдан фойдаланган.
Изоҳ (0)