Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Kazpost’нинг «Қорбобога мактуб йўлла» лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Лойиҳа доирасида исталган киши болаларнинг мактубини танлаб, унинг орзусини рўёбга чиқариши мумкин. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Даурен Абаевнинг маълумотига таяниб, «Nur.kz» хабар беради.
Нурсултон Назарбоевни Ғарбий Қозоғистон вилоятида яшовчи Харлашина Викториянинг ижод қилиш учун Doh Vinci тўпламини сўраб ёзган мактуби хурсанд қилди. Президентнинг ўзи ҳам расм чизишни яхши кўради, шунинг учун қизчанинг орзусини амалга ошириб, тўпламга қўшиб ёш рассомлар учун энциклопедия ҳам ҳадя қилди.
Шимолий Қозоғистон вилоятидаги интернат уйи тарбияланувчиларига Нурсултон Назарбоев мусиқий марказ ва қозоғистонлик ёзувчилар китоблари тўпламини совға қилди.
«Ўйлашимча, ушбу акция қозоғистонликларнинг ҳар қандай шароитда ҳам ёрдамга муҳтожларга ёрдам беришга тайёрлигини кўрсатди. Бутун мамлакат бўйича юзлаб фуқаролар кам таъминланган оилалар, ногирон ва етим болаларнинг илтимосларига жавоб қайтарди. Давлат раҳбари ўзининг бу ҳаракати билан бошқаларга ўрнак бўлди», — дейди Абаев.
Изоҳ (0)