Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ)нинг собиқ президенти ва Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг собиқ вице-президенти уругвайлик Эухенио Фигередо порахўрлик ва маблағлардан ноқонуний фойдаланишда айбини тан олди. Бу ҳақда прокурор Хуан Гомес маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Фигередо 24 декабрь, пайшанба куни Швейцариядан Уругвайга экстрадиция қилинган. Унга ФИФАдаги коррупция иши доирасида фирибгарлик ва маблағдан ноқонуний фойдаланиш айби қўйилган. Собиқ мансабдорга 2 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Уругвайнинг El comercio нашри маълумотларига кўра, айбланувчининг ёши (83 ёш) ва саломатлиги билан боғлиқ кўплаб муаммолар туфайли суд уни уй қамоғида сақлаш имкониятини кўриб чиққан, бироқ айбланаётган жиноятлари оғирлигидан келиб чиқиб, қамоқда қолдиришга қарор қилган.
Фигередо 1997—2006 йилларда Уругвай футбол ассоциациясини, 2013—2014 йилларда КОНМЕБОЛни бошқарган, 2014 йилдан ФИФА вице-президенти лавозимини эгаллаб келаётганди. У 27 май куни Цюрихда қўлга олинган.
Изоҳ (0)