Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида 2014—2015 йилларда қатор спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда 2016 йилги XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Президентнинг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкентда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси фойдаланишга топширилди, Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик хизмат ва спорт психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилди.
Бу каби эзгу ишлар натижасида спортчилар жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда улкан ғалабаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, 2014—2015 йилларда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган қатор спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида жами 18 нафар ўзбекистонлик спортчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Жорий йил ўзбекистонлик спортчилар учун янада масъулиятли бўлди. Спортчилар совринли ўринлар билан бирга XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун ҳам куч синашди.
26 нафар спортчи Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритди, 24 нафари Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлди.
Рио-де-Жанейро Олимпиадасига енгил атлетикачиларда еттита, бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, оғир атлетика бўйича бештадан, таэквондо (WTF), сузиш, эркин ва юнон-рум кураши усталарида биттадан йўлланма бор. 2016 йилги спорт мавсумида ҳам йўлланмалар берувчи қатор чемпионатлар ва нуфузли турнирлар кутилмоқда.
Тадбирда жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган спортчилар, уларнинг мураббийлари рағбатлантирилди.
Изоҳ (0)