Бугун, 22 декабрь куни ЎФФ анжуманлар залида 2016 йилги Олий Лига мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Олий лига клублари вакиллари иштирокидаги йиғилишда келаси мавсум ўйинлар тақвими ўтган мавсумдагидек қолиши тасдиқланди. Унга кўра, чемпионатнинг дастлабки турида ўзаро ўйнайдиган жамоалар иккинчи давра ўйинларини ҳам ўзаро ўйин билан бошлайди.
Шунингдек, бир минтақа жамоалари ўз уй ўйинларини бир турда ўтказмаслиги учун жамоалар жуфтликларга ажратилиб чиқилди. Унга кўра, қуйидаги жуфтликлар ташкил этилди: «Пахтакор»/«Локомотив», «Бунёдкор»/«Обод», «Насаф»/«Машъал», «Олмалиқ»/«Металлург», «Навбаҳор»/«Андижон», «Нефтчи»/«Қўқон-1912».
Олий Лига — 2016 нинг 1-турида «Пахтакор» «Андижон»ни қабул қилади. Олий лига дебютанти «Обод» чемпионатни сафарда «Қўқон»га қарши ўйин билан бошлайди. Биринчи турдан, шунингдек, «Бухоро» – «Олмалиқ», «Насаф» – «Шўртан», «Қизилқум» – «Машъал», «Металлург» – «Сўғдиёна», «Бунёдкор» – «Нефтчи», «Навбаҳор» – «Локомотив» ўйинлари жой олган.
«Uff.uz» сайтининг хабар беришича, йил якунларига бағишланган тадбирда ПФЛ директори Фарҳод Магометов футболчилардан қарзи бор «Пахтакор»га 29 декабргача, ҳали лицензия олишга улгурмаган «Обод»га эса 2016 йил 10 январга қадар муҳлат берилганини маълум қилди. Клублар берилган муддатга қадар ўз муаммоларини ҳал эта олмасалар, мусобақалардан четлаштирилади.
Изоҳ (0)