Малайзия фуқароси Facebook’да қайд этган ёзуви учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар қилмоқда.
Исми номаълум бўлган шахс, Жохор штатининг султони Иброҳим ибн Алмархум Султон Искандарнинг 2016 йилдан бошлаб электрон сигареталар савдоси билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги қарорига нисбатан ўзининг эътирозини маълум қилган.
Ҳибсга олингандан кейин, полициячилар томонидан монархия тузумидаги Жохор штати қиролининг оиласини ҳақоратловчи мазмундаги 37 ёшли ушбу эркак ёзган яна иккита хабар топилди.
Тергов давомида гумон қилинувчи тўрт кун муддатга ҳибсга олиниб, унинг мобил телефони мусодара қилинди. Ҳукуматга қарши тарғибот қилганлиги учун гумон қилинувчига 18 ой муддатга қамоқ жазо чораси ёки 460 доллар миқдорида жарима қўлланилиши мумкин.
Изоҳ (0)