Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистон бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун 11—12 декабрь кунлари ушбу мамлакатда бўлди.

Архив. Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Архив. Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

ЎзА ёзишича, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

«Дунёнинг турли минтақаларида вазият кескинлашмоқда, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб бормоқда, — деди Ўзбекистон раҳбари. — Бугун терроризм турли шакл ва кўринишларда намоён бўлмоқда, унинг туб сабаб ва манбаларига қарши курашиш зарур.».

Гурбангули Бердимуҳамедов Ислом Каримовга ушбу байрам ва халқаро конференцияда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга ташрифи ниҳоясига етди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар