Билл Гейтс Breakthrough Energy Coalition консорциуми ташкил этилганлигини эълон қилди. Унга Гейтснинг ўзидан ташқари, бошқа йирик технологик компаниялар раҳбарлари, шу жумладан, Facebook асосчиси Марк Цукерберг ва Amazon бошлиғи Жефф Безос ҳам аъзо бўлди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Ташкилот экологик тоза энергия манбаларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Гейтс таъкидлашича, қуёш ва шамол энергияси каби қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишнинг замонавий технологиялари жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Лекин, унинг фикрича, бошқа муқобил манбаларни ҳам ўрганиб чиқиш керак. У одатда анъанавий инвестиция фондлари юқори даражадаги молиявий хавф туфайли бу каби изланишларга маблағ ажратишдан ўзини олиб қочишини таъкидлади.
Бундан ташқари, консорциум Mission Innovation дастурида иштирок этаётган давлатларни ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Концепцияга кўра, дастур иштирокчилари экологик тоза энергия манбаларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқаришга ажратилаётган инвестицияни кейинги беш йил давомида икки баробарга кўпайтириш мажбуриятини олади. АҚШда бу каби ишлаб чиқаришларга йилига 5 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфланади.
Изоҳ (0)