Қирғизистон ҳарбий прокуратураси республиканинг собиқ мудофаа вазири Таалайбек Омуралиевга нисбатан коррупция бўйича жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда 28 ноябрь, шанба куни «ТАСС» хабар беради.
«Жиноят кодексининг ‘Ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш ёки қонунга хилоф равишда сарфлаш’, ‘Мансаб лавозимини суиисътемол қилиш’ ва ‘Фирибгарлик’ моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган», — дейилади Қирғизистон Бош прокуратураси расмий баёнотида.
Жиноят иши бўйича Омуралиевдан ташқари Мудофаа вазирлигининг яна бир қатор мансабдорлари, шунингдек, ҳарбий қурилиш билан шуғулланувчи «Аскер Қурулуш» давлат компанияси мансабдор шахслари ҳам жалб қилинган.
2013 йилда Қирғизистон Мудофаа вазирлиги давлат компаниясига қурилиш ишларини амалга ошириш учун 5 миллион сом (70 минг долларга яқин) маблағ ажратган эди. Тергов маълумотларига кўра, пуллардан белгиланган мақсадда фойдаланилмасдан, тижорат тузилмалари ҳисобига ўтказиб юборилган.
Изоҳ (0)