1978 йилнинг 11 декабрида АҚШ тарихидаги энг йирик талончиликлардан бири содир этилган эди. Ниқобли кишилар Жон Кеннеди аэропортидан беш миллион доллар миқдоридаги нақд пул ва яна миллионлик қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган эди. Ушбу иш юзасидан биринчи ва ягона гумондор 35 йилдан сўнг қўлга олинди, деб хабар беради Meduza.
Азалий гангстер ҳамда Гамбино ва Бонанно оилалари билан алоқадор обрўли мафиози, 78 ёшли Винсент Азаро 2014 йилнинг январида Нью-Йоркда қўлга олинган эди. Азаро унинг амакиваччаси Гаспаре Валентининг кўрсатмасига асосан ҳибсга олинган эди. Валенти 2008 йилдан бошлаб ФҚБ билан ҳамкорлик қила бошлаган ва 2010—2013 йиллардаги Азаро билан сўзлашувларни тасмага ёзиб олган.
Гаспаре Валенти терговга Lufthansa терминалидаги талончилик машҳур гангстер Жимми Берк томонидан Винсент Азаро билан ҳамкорликда режалаштирилганлигини маълум қилди. Валенти Азарони бошқа бир қатор жиноятларда ҳам айблади. Ушбу ишни судда кўриб чиқиш учун бошқа гувоҳлар – нафақадаги детективлар ва ФҚБ агентлари, 70-йилларда мафияни кузатиш давомида тўпланган суратлар ҳам жалб этилди. Бироқ Азарони 1978 йилдаги жиноят билан боғловчи ягона далил Валентининг кўрсатмаси бўлди.
Азаронинг адвокати Гаспаре Валентини ишончли гувоҳ деб ҳисоблаб бўлмаслигини, у нафақат жиноятчи, балки «тажрибали ёлғончи» эканлиги, пул ва шахсий қасос учун ФҚБ билан ҳамкорлик қилганлигини таъкидлади.
Азаронинг иши бўйича суд жараёни бор-йўғи уч ҳафта давом этди. У барча бандлар бўйича айбсиз деб топилди.
Винсент Азаро жараённинг бу тарзда якунланишидан мамнун бўлди. Суд биносидан чиқиб, уни олиб кетиш учун келган оқ мерседесга ўтираётиб, у журналистларга: «Киноларда кўрсатаётган ҳамма нарсага ҳам ишонаверманг ва ҳеч кимга машинангиз юк хонасидан жасад топиб олишига имкон берманг», — деб таъкидлади.