Пекинда сайёҳлик гуруҳидан ажралиб қолган 73 ёшли хитойлик эркак олти кун давомида уйига пиёда йўл олди. Бу ҳақда The South China Morning Post хабар беради.
Юй фамилияли эркак Тақиқланган шаҳар – Пекин марказидаги қаср мажмуасига уюштирилган экскурсияда қатнашаётган эди. Бироқ ушбу ҳудудда жуда кўп одам бўлганлиги учун у ўзининг гуруҳини кўздан йўқотиб қўйди. Муаммо шунда эдики, у ХХР расмий тилини билмас, фақат ўзининг вилояти – Чжецзянда тарқалган лаҳжада сўзлаша оларди.
Гуруҳини топа олмаслигини тушуниб етган Юй Қуёшга қараб мўлжал олиб, жануби-ғарбга, Пекиндан 1,5 минг километр масофада жойлашган қадрдон қишлоғига йўл олди.
Унинг саёҳати олти кун, Тяньцзинь вилояти полицияси уни топиб олгунга қадар давом этди. Маҳаллий ҳукумат вакилларининг сўзларига қараганда, Юй вақти-вақти билан овқат сотиб олиш учун тўхтаган, чарчаганда эса йўл чеккасида ухлаган.
Сайёҳлик агентлиги унинг йўқолиб қолганлигини пайқагач, сайёҳнинг қариндошларига бу ҳақда маълум қилган. Бироқ Юй мобиль телефондан фойдаланмаганлиги учун уни қидиришлар натижа бермаган. Бундан ташқари, эркак ўзи билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам олмаган эди.
Изоҳ (0)