Ўзбекистонда чўғланма лампаларни сотувга чиқариш тўхтатилади ва тежамкор лампаларни ишлаб чиқариш кўпайтирилади, деб хабар беради «Газета.uz».
2016 йилнинг 1 июлидан бошлаб 40 ваттдан юқори қувватли чўғланма лампаларни эркин муомалага чиқариш, 2017 йилнинг 1 январидан эса уларни сотиш тақиқланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 20 октябрдаги қарорида кўзда тутилди.
Ҳужжатда технологик қурилмалар, моторли транспорт воситалари, ўқув, тиббий ва бошқа махсус қурилмаларда чўғланма лампалардан фойдаланиш мажбурий талаб қилиниши белгилаб қўйилган ҳолатларнинг истисно этилиши кўзда тутилган.
Ҳукумат қарорида, шунингдек, тежамкор лампалар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш белгиланган. 2015—2019 йилларда Vesta Electric ва Plastic Modernity («Ўзэлтехсаноат» таркибига киради), EGL NUR («Ангрен» махсус индустриал зонасида жойлашган), Yorqin chiroqlar («Жиззах» махсус индустриал зонасида жойлашган) ва бошқа корхоналарда 15,7 миллион (жумладан 6,6 миллион – жорий йилда) тежамкор лампа ва ёритгични ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)