Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 октябрдаги мажлисида экспортнинг прогноз параметрларига эришишни сўзсиз таъминлаш, экспортга етказиб бериш турларини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш бўйича мавжуд резервларни энг кўп даражада сафарбар этиш, шунингдек, экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш масалаларига жиддий эътибор берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Жаҳон бозорларидаги ноқулай конюнктурага қарамай, иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини рағбатлантириш ва экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ташқи савдо айланмасида ижобий салдо тенденсиялари сақланиб қолишини таъминлаш имконини берганлиги алоҳида таъкидланди. Йил бошидан бошлаб олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 830 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналарга, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига экспортга етказиб бериш ҳажмларини янада кўпайтиришга ва турларини кенгайтиришга, мамлакат экспорт қилувчиларининг анъанавий ташқи бозорлардаги мавқейини мустаҳкамлашга ва янги бозорларни ўзлаштиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.
Изоҳ (0)