Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19 октябрдаги мажлиси кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида 2015 йилда саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига ва уни диверсификациялашга сўзсиз эришишни таъминлаш, шунингдек, 2016 йилда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос яратиш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар беради ЎзА.
Саноат тармоқларини ривожлантириш, диверсификациялаш ва модернизациялаш борасида кўрилаётган дастурий чора-тадбирлар саноат ишлаб чиқариши ҳажмларининг 7,3 фоизга ўсишини таъминлаганлиги қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига жорий йил якунлари бўйича саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган барча мавжуд манбаларни ва ўсиш резервларини сафарбар этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. Бошқарув тизими самарадорлигини, энг аввало, корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишда мамлакат Президентининг қарори билан ташкил этилган Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказига муҳим ўрин юкланганлиги қайд этилди.
«Буюртмалар портфели» ўз вақтида шакллантирилиши, 2016 йил ишлаб чиқаришининг прогнозлаштирилаётган ҳажмлари учун хомашё ва материалларни, энг аввало, IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказиш давомида харид қилишга шартномалар тузиш, шунингдек, XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида тузилган шартномаларни амалга оширишда хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгиланди.
Изоҳ (0)