2015 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистондаги энг йирик ICT Forum 2015 доирасида Startup Mix тадбири бўлиб ўтди. Brand.uz компанияси стартапларга бағишланган секцияни ўтказди. Анжуманда қатнашиш учун атайлаб келган исроиллик меҳмон Исроилдаги экотизим ҳақида гапириб берди ва таниқли бизнесменлар билан Ўзбекистонда стартапларни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги баҳс-мунозарада иштирок этди (ушбу дискуссия ҳақида кейинги мақолада сўзлаб берамиз).
Роман Гольд — Исроилнинг халқаро инвесторлар, корпорациялар ва давлат тузилмаларининг Исроил стартап бозоридаги иштирокини таъминловчи JSCAPITAL инвестиция платформаси бошқарувчи шериги.
Ўзининг «Исроил: апельсинлардан инновацияларгача» деб номланган тақдимотида Роман Исроилнинг инновациялар экотизими ва тарихий шарт-шароитлар ҳақида гапирди. Бугунги кунда Исроил инновацион салоҳият, венчурли битимлар ҳаммабоплиги, тадбиркорликнинг ривожланганлик даражаси ва кибер-хавфсизлик бўйича дунёда етакчи поғоналарни эгаллайди. Кўламига кўра, бу дунёдаги иккинчи (Кремний водийсидан сўнг) стартап-экотизим ва бешинчи илмий инфратузилмадир. Ҳозирда Исроилда 5500 та расман рўйхатга олинган стартаплар мавжуд, 230 та Исроил ва 100 та халқаро венчур жамғармалари фаолият олиб бормоқда.
Роман исроиллик стартап-тадбиркор портретини «тасвирлади»: у тадбиркорликда ўн йиллик тажрибага эга, битта муваффақиятли ва битта омадсиз стартапни бошидан кечирган 30—50 ёшлардаги киши (одатда тасаввур қилинадиган кўзлари ёниб турган талаба эмас). Ғояларни амалга ошириш учун Исроил ўз стартапчиларига жуда кенг инфратузилмани таклиф қилади, у классик, давлат, корпоратив ёки махсус ва бошқа турдаги акселератор ва инкубаторлардан иборат. Стартапларга инвестиция киритиш учун эса инвестиция тузилмалари, венчур жамғармалари, бизнес-фаришталар (инновацияларни қўллаб-қувватловчи хусусий инвесторлар) ва оилавий офислар тўлиқ кўламда ишлайди. Шубҳасиз, Исроил — ёши 30 дан ошган стартапчилар учун жаннатнинг ўзгинаси, деди Гольд. Биз, ўзбекистонликлар эса қаерга ва нимага қараб интилишимиз маълум.
Лойиҳа «Дарё» ва StartupFactory.uz томонидан ишга туширилган.
Изоҳ (0)