Киев марказида Украина Олий Радаси олдида марказсизлаштиришдан норозилар ўтказаётган намойиш чоғида жанговар граната портлади, деб хабар бермоқда Euronews.
Ҳозиргача 50 киши жароҳат олгани айтилган. ИИВ маълумотларига кўра, Миллий гвардиянинг 5−7 нафар ходимининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Қолганларнинг жароҳати ўрта даражада. Бошқа манбалар жароҳатланганлар орасида журналистлар ҳам борлигини маълум қилган.
Жароҳатланганларни ташишда тез ёрдам машиналари етишмаётгани боис патруль автомобилларидан ҳам фойдаланилмоқда. Миллий гвардия ва ИИВнинг баъзи ходимларига Рада ёнидаёқ ёрдам кўрсатилган. Гранатани ҳуқуқ муҳофазачиларига қарата ким отгани ҳозирча аниқланмаган. Тўқнашув ҳали тўхтамаган, намойишчилар «Импичмент!» деб ҳайқирмоқда.
Душанба тонгида бошланган намойишларга Украина Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар сабаб бўлган. Олий Рада депутатлари томонидан маъқулланган марказсизлаштириш тўғрисидаги қонунга кўра, шарқий вилоятларга кўпроқ ваколатлар берилади. Ушбу қонун қабул қилинишини Европа Иттифоқи Украина шарқидаги можаро тугатилиши умидида талаб қилган.
Изоҳ (0)