Гватемала президенти Отто Перес Молина ўзига қарши бош прокуратура томонидан илгари сурилган коррупцияга алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Перес Молинанинг сўзларига кўра, унинг ҳукуматига ўтказилаётган босим кучайиб бораётгани ва импичмент эълон қилиш ҳақидаги чақирувларга қарамай, у ўз лавозимини тарк этмайди. Президент халққа қилган телемурожаати вақтида ноқонуний йўл билан пул топмагани ва виждони пок эканлигини айтиб ўтди.
Куни кеча бош прокуратура томонидан мамлакатнинг собиқ вице-президенти Роксана Бальдетти ҳибсга олингани маълум бўлганди. У бир қатор коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Бундан ташқари, Гватемала бош прокурори Телма Алдана мамлакат президенти Отто Перес Молинани божхона соҳасидаги фирибгарлик иши бўйича жавобгарликка тортиш тўғрисида Олий судига сўров йўллаган. Агар суд мазкур сўровга ижобий жавоб берса, конгресс президентга нисбатан ишончсизлик билдириши мумкин.
Изоҳ (0)