Қозоғистонда валюта айирбошлаш шохобчалари ва тижорат банклари аҳолига АҚШ долларини сотишни тўхтатди, деб хабар бермоқда «RBK».
Бу ҳолат Қозоғистон ҳукуматининг тенгени эркин оқимга қўйиб юбориш қароридан сўнг республика миллий валютаси АҚШ долларига нисбатан рекорд даражадаги паст кўрсаткичга тушиб кетгач кузатилган.
ОАВ Олма-Отада фақат битта валюта айирбошлаш шохобчаси очиқлигини ва унинг олдида кўплаб одамлар тўпланганини маълум қилган. Банклар ҳам доллар сотишни тўхтатиб, баъзилари ўз сайтларини ҳам ёпиб қўйган.
Ҳозирда Олма-Отада евро ва рубль сотиб олиш ҳам қийин бўлиб қолгани айтилган. Мамлакатнинг яна бир йирик шаҳри — Актауда на доллар, на рубль, на евро сотиб олишнинг имкони йўқлиги маълум қилинган.
Аввалроқ берилган хабарга кўра, 20 август куни Тошкент вақти билан 10:08 да Қозоғистон биржасидаги савдолар чоғида 1 доллар учун 200 тенге миқдорида энг паст кўрсаткич ва 257 тенге миқдорида энг баланд кўрсаткич қайд этилди. Тенгенинг ўртача курси савдолар бошидан буён 57 тенгега ўсиб, 255,26 тенгени ташкил этди.
Изоҳ (0)