Ўзбекистон ва АҚШ эпидемиологлари ўта хавфли патогенларнинг лаборатория таҳлилларини расшифровка қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
«АҚШда маълум патоген ва токсинлар рўйхатлари устида ишланади, шунингдек, уларни назорат қилиш ва уларга қарши курашиш бўйича чоралар ишлаб чиқилади. Ушбу тажриба ўзбекистонлик мутахассислар учун ҳам муҳим», — деди Давлат санитария-эпидемилогия назорат маркази бош шифокори Баҳром Алматов.
Шунингдек, у АҚШ эпидемиология хизматлари — Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази ҳамда Таҳдидларни камайтириш агентлиги аввалроқ Тошкентда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўта хавфли патогенлар соҳасида ишловчи 27 нафар шифокор, эпидемиолог ва лаборатория мутахассислари учун семинар ўтказганини маълум қилган.
Маълумот учун, патогенлар жонли мавжудотларда патологик ҳолатни келтириб чиқарувчи исталган микроорганизм (вирус, бактерия ва бошқалар) ҳисобланади.
Изоҳ (0)