Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги Мурувват интернат-уйида тарбиячилар ўртасида «Ораста қизлар» танлови бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Беллашувчиларга бичиш-тикиш, пазандалик, шеър ва қўшиқлар айтиш, шунингдек, турли саҳна кўринишлари бўйича шартлар қўйилди.
Саккиз иштирокчининг ҳар бири қўйилган шартларни маромига етказиб бажарди. Бадиий чиқишлар шартида эса, танлов ҳақиқий ижод кечасига айланди.
Қизлардан бири эркакча кийиниб, «Андижон полкаси»га рақсга тушган бўлса, бошқалар ҳаётнинг ижтимоий муаммоларини саҳнада намоён қилди.
«Болалар нега ‘Мурувват’ уйларига келиб қолади?» деб номланган чиқишда эса, барчанинг кўзига ёш келди.
Унда баъзи ёшларнинг ақлсизлик ва эҳтиётсизлик сабаб ўз фарзандларини болалар уйларига ташлаб кетишлари ва давлатимиз ўша болаларни ўз ҳимоясига олиши каби аччиқ ҳаётий ҳақиқатлар акс эттирилди.
Тадбирга тарбияланувчи болакайларнинг валс рақси якун ясади.
Изоҳ (0)