Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда 578 минг нафар ногирон, 17,3 минг нафар ёлғиз кекса ҳамда 3 миллионга яқин пенсионер истиқомат қилиб, улар ўзларининг кундалик турмушларида у ёки бу кўринишдаги реабилитация техник воситаларига ёки ёрдамчи воситаларга эҳтиёж сезади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссиясининг 2014 йил 15 декабрдаги 1-сонли мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий корхоналар негизида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган реабилитациянинг техник ва ёрдамчи воситалари, санитария-гигиена жиҳозлари харид қилинган бўлиб, бугун ушбу восита ва жиҳозларни кўргазмаси ташкил этилмоқда.
Мазкур кўргазмадан асосий мақсад маҳаллий корхоналар негизида замонавий реабилитация техник ва ёрдамчи воситалари, санитария-гигиена жиҳозлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий корхоналар ўртасида тажриба алмашиш орқали ногиронларни эҳтиёжларини қондириш ҳамда жамиятга интергация қилишдан иборатдир.
2012 йилдан бугунги кунга қадар 8770 нафар фуқаро ногиронлар аравачаси билан, 3423 нафари эшитиш мосламаси билан, 4676 нафари қўлтиқтаёқ билан ҳамда 6754 нафари ҳасса билан таъминланди. Ўтган давр мобайнида давлат бюджетидан ушбу воситаларга 4,7 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига мувофиқ, ушбу воситаларга ажратилаётган бюджет маблағларини 2 баробар ошириш ҳамда реабилитация техник воситаларини бепул ажратиш учун асос бўлган касалликлар рўйхатини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар олиб борилмоқда.
Вазирлик ногиронларга давлат томонидан кафолатланган хизматларни сифати ва самарасини ошириш юзасидан донор ва халқаро ташкилотлар билан ҳам қатор лойиҳалар амалга оширмоқда.
- 2014 йилнинг октябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан «Ўзбекистонда якка ёлғизлар ва ногиронларга профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш тўғрисида»ги лойиҳа имзоланиб, унинг доирасида ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш стандартларини ишлаб чиқиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш кўзда тутилган. Ушбу кўргазма ҳам мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда;
- Jahon банки билан ҳамкорликда ижтимоий муҳофаза тизимига янги ва замонавий ахборат технологияларини жорий этиш лойиҳаси бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда;
- Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда («Мурувват», «Саховат» уйлари) фаолият юритаётган ходимларни Корея Республикасида малакасини ошириш ишларини ташкил этиш юзасидан ташкилий тадбирлар белгиланди. Жумладан, 2014 йилнинг ноябрь декабрь ойларида 14 нафар «Мурувват» уйлари ходимлари учун Корея Республикасида 15 кунлик малака ошириш курслари ташкил этилди.Ўзаро келишувга асосан бу ишлар 2015 йилда ҳам давом эттирилмоқда;
- Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги JICA билан ҳамкорликда ногиронларни жисмоний реабилитациясини замонавий ва самарали усулларини жорий этиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ҳозирги кунда вазирлик тизимидаги Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида япониялик кўнгилли ўз фаолиятини бошлади.
Изоҳ (0)