Таниқли актриса Гулчеҳра Эшонқулова «Даракчи» газетасига берган интервьюсида бугунги ўзбек фильмлари ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Санъатга қадам қўйганимдан буён рол танлайман. Шу кунгача бирорта бўлар-бўлмас фильмда чиқмаганман. Шунинг учун мухлислар актриса сифатида соғинишса керак. Сўнгги вақтларда катта экранларга чиқаётган аксарият кинокартиналар бир чақага арзимайди. Мен истеъдодимни бундай «фильм»лар учун сарфлайдиган актриса эмасман! Анча вақтдан бери «портлаш» даражасидаги фильмнинг ўзи бўлмади, шунинг учун ҳам Гулчеҳра Эшонқулова кинода йўқ. Маҳоратли режиссёр ва «юк»и бор сценарийларнинг менга етиб келиши қийин бўлди, холос. Ҳозир «Меҳмона» номли сериалда бандман.
— Бугун фильмларда янги чеҳралар бош қаҳрамонлар ролини ўйнаяпти. Сиз бу даврдан ўтдингизми ё ҳали ҳам бош ролларга даъвогарлик қила оласизми?
— Янги чеҳралар мендан олдин ҳам чиққан, кейин ҳам чиқади. Бу жараённи тўғри қабул қиламан. Кўзларини пирпиратиб, сочлари шамолда учиб турадиган қаҳрамонларни ўйнайдиган даврдан ўтдим. Бундай ролларни бошқа актрисалар ўйнай қолсин. Бош ролдан кўра «юк»и бор иккинчи пландаги ролни афзал биламан. Очиғи, ҳамкасбларим орасидан Дилноза Кубаева, Гулчеҳра Эшонқуловадан иборат бўлган кучли иккиталикка кира оладиганларни излагандим.
Изоҳ (0)