Ўзбекистонда кейинги ҳафтада ҳаво ҳарорати анча кўтарилиб, 44 даражагача етиши кутилмоқда. Буни об-ҳавони башорат қилувчи қатор хизматлар маълумотларидан билиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Гидрометеорология хизмати маркази хабарига кўра, 12—19 июлда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларидан 4—5° га юқори бўлган иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳарорат 39—42° гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 44° гача бўлади. 12—19 июлда ҳароратни юқори бўлиши ҳисобига Фарғона водийси жанубидаги дарёлар бўйича сел тошқинлари ўтиши мумкин.
Жумладан, ҳаво ҳарорати 12—13 июль кунлари Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 39—44 даража, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 37—42 даража, Фарғона водийсида эса 35—40 даража иссиқ бўлади.
«Weather.com» сайти Тошкентда 12 июлдан бошлаб ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлишини, жумладан 14 июль куни 44, 15 июль куни 43 даражагача бўлишини кўрсатмоқда. Сурхондарё вилоятида 15 июль куни ҳарорат 45 даражагача чиқиши кутилмоқда.
«Яндекс.Погода» сервиси эса 13—15 июль кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати 42—43 даражагача кўтарилишини тахмин қилмоқда.
Изоҳ (0)