Ўзбекистон Президентининг май ойи охирида Жанубий Кореяга қилган ташрифи доирасида электрон ҳукумат учун маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш тўғрисида келишувга эришилган бўлиб, июль ойидаёқ кореялик мутахассислар келиши кутилмоқда, деб хабар берди Uzbekistan Today.
Лойиҳа қиймати 30 миллион долларга баҳоланган бўлиб, 85 фоизи Корея Эксимбанки томонидан, қолган қисми Ўзбекистон томонидан молиялаштирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев маълум қилган.
«Бугунги кунда UzInfocom марказига қарашли маълумотларни қайта ишлаш марказидан фойдаланилмоқда, бироқ унинг имкониятлари биз ишга туширишни режалаштираётган лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли эмас. Шу муносабати билан электрон ҳукумат учун махсус маълумотларни қайта ишлаш марказини қуришга қарор қилинди», — деди Файзуллаев.
Унинг қўшимча қилишича, лойиҳа ҳужжатлари энди тайёрланаётгани сабабли ускуналарни ким етказиб бериши ҳали аниқланмаган. Июль ойи ўрталарида Кореядан лойиҳада иштирок этадиган экспертлар келиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)