Beeline мобил алоқа оператори (Unitel МЧЖ) Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг компания томонидан қонунчилик бузилгани ҳақидаги хабарига изоҳ берди, деб хабар қилмоқда «Газета.uz».
Компания ўз ишини мунтазам мониторинг қилиб тургани ва абонент хизматлари сифатини оширишга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар учун инспекцияга миннатдорчилик билдирган.
«www.gis.uz сайтида 8 июнь куни эълон қилинган хабарда сўнгги ярим йил ичида юз берган бир неча ҳолатлар келтирилган. Матнда гап Қашқадарё вилоятида қонунийлаштириш жараёни якунлангунча ишлаган иккита базавий станция ҳақида борган. Инспекция томонидан ўз вақтида берилган танбеҳ эвазига биз томонимиздан чоралар кўрилиб, натижада ушбу 2 базавий станция учун Unitel компаниясига рухсатнома 20 март куниёқ, яъни бундан 2,5 ой олдин берилган. Хабарда келтирилган Самарқанд вилоятидаги учта радиореле станцияси эса кўрсатмага мувофиқ 4 июнь куни ўчирилган», — деди компания матбуот котиби Резида Эрдман.
Унинг сўзларига кўра, 2015 йил 12 февраль куни овозли хизматлар сифатининг ёмонлашувига олиб келган Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги авария ҳолати 11:39 дан 12:27 гача давом этгани ушбу жиддий муаммо компания мутахассислари томонидан атиги 48 дақиқа ичида бартараф этилганини англатади.
Шунингдек, инспекция томонидан 2015 йил январь—май ойларида абонентларнинг шикоятлари кўпайгани таъкидлангани қайд этилиб, бироқ аниқ рақамлар келтирилмагани айтилган. Компания маълум қилишича, жорий йилнинг дастлабки ойида 50 тадан кам шикоят келиб тушган ва бу ҳақиқатан ҳам ўтган йилгидан кўпроқ кўрсаткич ҳисобланади.
Компания 2006 йилдан буён Ўзбекистонга 1 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритганини маълум қилиб, келажакда тармоқни ривожлантириш учун сармоя киритишда давом этишини, бунда инспекциянинг кўмагига ишонишини ва яқин орада компания ҳаракатларининг батафсил режаси акс этган расмий жавоб йўлланишини таъкидлаган.
Изоҳ (0)