2015 йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлиги кенгашининг 12-йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
ЕИ делегациясига Европа Иттифоқида раислик қилаётган Латвия ташқи ишлар Вазири Эдгарс Ринкевичс бошчилик қилди.
Йиғилишда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамда «Марказий Осиё – ЕИ» шаклидаги икки томонлама алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан Афғонистондаги ҳолат юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, бўлиб ўтган очиқ ва конструктив мулоқот муҳокама қилинган қатор масалалар бўйича ўзаро тушунишга ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг йўналишларини белгилаб олишга замин яратди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ва БМТнинг Жиноятчилик ва одил судлов масалалари бўйича минтақалараро илмий-тадқиқот институти (UNICRI) директори Жонатан Лукас ўртасида бўлиб ўтган учрашув доирасида Тошкент шаҳрида кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий материаллар бўйича Марказий Осиё учун илғор тажрибалар маркази Минтақавий секретариатини таъсис қилиш ва фаолиятини юргизиш тўғрисида Memoрандум имзоланди. ЕИ ушбу лойиҳанинг ташаббускори ҳисобланади ва уни молиялаштиради.
Изоҳ (0)