Таиланднинг Паттая шаҳрида мактаб ўқувчилари ўрасидаги жаҳон чемпионати якунланди, деб хабар бермоқда «Olamsport». Ушбу мусобақада беш нафар ёш шахматчиларимиз ҳам ўз имкониятларини сиовдан ўтказди.
7 ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида иштирок этган Акобирхон Сайдалиев блиц баҳсларида бронза медалини қўлга киритганди. Классик мусобақада у 9 имкониятдан 5,5 очко жамғарди. Абдулбосит Шарифжонов эса 5 очко билан якунда 14-ўринни эгаллади.
Исломбек Синдаровга совринли ўринлардан бирини эгаллаш учун озгина омад етишмади. Исломбек 6,5 очко билан кучли тўртликдан жой олди. Бронза медалини қўлга киритган гонконглик спортчи ҳисобида ҳам айнан 6,5 очко бор эди. 9 ёшли шахматчилар баҳсида қатнашган Исломбек сўнгги турда ушбу ёшда жаҳон чемпиони бўлган россиялик Иля Маковеев билан дуранг ўйнади.
11 ёшгача бўлган шахматчила баҳсида қатнашган жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдаров блиц йўналишида олтин медални қўлга киритганди. Бу сафар у 9 имкониятдан 6 очко жамғарди ва якунда 9-ўринни банд этди. 13 ёшлилар мусобақасида иштирок этган Суҳробжон Аввалбоев 9 имкониятдан 5 очко тўплади.
Жаҳон чемпионати якунида Хитой терма жамоаси 5 та олтин, шунча кумуш, 4 та бронза, жами 14 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Озарбайжон терма жамоаси 4 та олтин медалга сазовор бўлди ва улар умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлишди. Кучли учликка 3 та олтин, 6 та кумуш, битта бронза медали билан Филиппин терма жамоаси якун ясади. Ўзбекистон, Россия, Туркманистон, Мўғулистон, Ҳиндистон, Индонезия, Гонконг терма жамоалари ҳисобида биттадан олтин ва бронза медали бор.
Изоҳ (0)