«Ўзэкспомарказ»да «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2015» XIX халқаро кўргазмаси ва «Энергетика – Power Uzbekistan – 2015» Х халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси очилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Кўргазмалар «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси, Савдо-саноат палатаси, «ITE Uzbekistan» халқаро кўргазмалар компанияси томонидан «IТЕ» компаниялар гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирларнинг очилиш маросимида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Ш.Файзуллаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самара бераётганини таъкидлади.
Анъанавий ўтказиб келинаётган «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU– 2015» ва «Энергетика – Power Uzbekistan – 2015» халқаро кўргазмалари мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплексида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда соҳага чет эл инвестицияларини жалб этишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU» халқаро кўргазмаси иштирокчилари сони кенгайди. Кўргазмада Хитой, Жанубий Корея, Франция, Буюк Британия, Германия, Австрия, Бельгия, Польша, Нидерландия, Италия, Чехия, Словения, Украина, Жанубий Африка Республикаси, Туркия каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.
Жорий йилда кўргазмага ўттизга яқин компания ва қўшма корхона таклиф этилди. Улар хорижлик ҳамкасбларига ўз ишланма ва инновацияларини намойиш этмоқда.
Мамлакатимиз компаниялари томонидан таклиф этилаётган углеводородларни қидириш ва қазиб олиш, бурғулаш, тоғ-кон саноати, иситиш, пайвандлаш асбоб-ускуналари, автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари учун қурилмалар, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича ечимлар чет эллик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазмада иштирок этаётган хорижий компаниялар назорат-ўлчов, бурғулаш, нефть ва газ асбоб-ускуналари, автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари учун замонавий технологиялар ва кўплаб бошқа қурилмаларни тақдим этмоқда. Улар орасида Хитой ва Жанубий Корея компанияларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Чехия ва Жанубий Африка Республикасидан ташриф буюрган иштирокчилар стендларида транспорт-экспедиторлик хизматлари, бошқарув тизимлари, нефть-газ тармоғи учун технологик қурилмалар ва бошқа ускуналар тақдимотлари ўтказилаётир.
Қатор мамлакатлар ёқилғи-энергетика комплекслари раҳбарлари, олим ва мутахассислар, ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этаётган «OGU – 2015» кўргазмаси тажриба ва фикр алмашиш, ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш, мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, ҳамкорликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, шартномалар тузиш имконини бермоқда.
Кўргазма доирасида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтади. Унда соҳага оид жаҳон миқёсидаги янги тенденциялар, мамлакатимиз нефть-газ саноатини ривожлантириш масалалари, халқаро ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибаси ва янги имкониятлари, юртимиз нефть-газ саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа долзарб мавзулар муҳокама этилади. Ушбу тадбирнинг жаҳон углеводородлар бозоридаги аҳамияти ва юқори самарадорлиги инобатга олинган ҳолда унга «Global Oil&Gas Uzbekistan» деб ном берилди. Бу эса, ўз навбатида, конференция юксак халқаро мақомга эга бўлаётгани ва унинг иштирокчилари сони кенгайиб бораётганидан далолат беради.
«Ўзбекистон нефть ва гази – OGU – 2015» халқаро кўргазмаси билан бир майдонда энергетика, энергияни тежаш, муқобил энергия манбалари соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар намойиш этилаётган «Энергетика – Power Uzbekistan – 2015» халқаро кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз энергетика тизимларини модернизация қилиш борасидаги лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилаётгани, чет эл инвестициялари кенг жалб этилаётгани ушбу тадбирнинг долзарблигини тасдиқлайди. Ўтган ўн йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида энергетика тармоғининг ушбу нуфузли кўргазмаси самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай майдонга айланди. Бу ерда мутахассислар мамлакатимиз ва дунёда энергетика тармоғини ривожлантиришга оид сўнгги маълумотлар билан танишиши, тажриба алмашиши, шунингдек, учрашув ва музокаралар давомида янги алоқалар ўрнатиши мумкин.
Жорий йилда кўргазмада Хитой, Германия, Франция, Бельгия, Ҳиндистон, Швеция, Туркия ва бошқа мамлакатлардан 40 дан ортиқ компания иштирок этаётир.
Халқаро кўргазма доирасида «Энергетика – 2015: инновациялар, ечимлар, истиқболлар» мавзусида туркум семинарлар ўтказилади. Уларда энергиядан фойдаланиш усулларини такомиллаштириш, мавжуд станцияларни модернизация қилиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича тақдимотлар бўлиб ўтади. «Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш» мавзусида ўтказиладиган тақдимот хорижий иштирокчиларни ушбу истиқболли тармоқда мамлакатимизнинг тажрибаси билан таништириш имконини беради.
«Ўзбекистон нефть ва гази – OGU – 2015» ва «Энергетика – Power Uzbekistan – 2015» халқаро кўргазмалари мамлакатимиз нефть-газ ва энергетика салоҳиятини намойиш этиш учун қулай майдон, шунингдек, энг замонавий ишланма ва технологияларни жорий қилиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб этиш учун самарали воситадир.
Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)