«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобидан қарийб 593 миллиард сўм йўналтирилди, деб хабар беради ЎзА.
Жумладан, 178 нафар ёлғиз кексанинг уй-жойини таъмирлаш учун 108,8 миллион сўм сарфланди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди томонидан «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшаётган кекса ёшли кишилар ва ногиронларга умумий қиймати 57,8 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва поябзал, дори-дармонлар ажратилди.
Санаторий-соғломлаштириш муассасалари ва кекса ёшдаги кишиларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида «Турон» (Тошкент шаҳри), «Ҳавотоғ» (Жиззах вилояти), «Чимён» (Фарғона вилояти), «Ситораи Моҳи Хоса» (Бухоро вилояти), «Косонсой» (Наманган вилояти) санаторийлари, «Аҳмад ал-Фарғоний» (Фарғона вилояти) дам олиш уйида умумий қиймати 5,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.
Жорий йил бошидан буён 63 минг нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийси терапия, неврология, кардиология, урология, хирургия, офталмология, оториноларингология каби етти муҳим йўналишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Изоҳ (0)