Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг I чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари эълон қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Йил бошидан буён Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида 164,1 миллиард сўм, жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 72,5 миллиард сўм, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кафолати остида хориждан олинган заёмлар ҳисобидан 37,7 миллион доллар ўзлаштирилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси лойиҳалари бўйича темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш учун қиймати 140 миллион долларлик капитал қўйилмалар, жумладан, Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш лойиҳалари бўйича мос равишда 8,6 ҳамда 4,1 миллион доллар, «Ангрен-Поп» янги темир йўл линиясини қуриш учун 92,4 миллион доллар ўзлаштирилди. Узунлиги 44 километр темир йўл қайта тикланди, 72 юк ва 3 йўловчи ташиш вагони тайёрланди.