Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Нурсултон Назарбоевни президентлик сайловларидаги ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти ахборот хизматига таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
«Бўлиб ўтган сайловлардаги Сизнинг ишончли ғалабангиз қозоқ халқининг фаровон ҳаёти, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўини оширишга қаратилган ижтимоий-сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларингизга бўлган қозоқ халқининг юксак ишончидан дарак беради.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, битмас-туганмас қувват ва Сизнинг давлат бошқарувингизга янги муваффақиятлар, қозоқ халқига эса хотиржамлик ва баркамоллик тилайман», дейилади хабарда.
Ислом Каримов барча соҳаларда икки давлатнинг кўп асрлик анъаналарга асосланган ҳамкорлиги бундан кейин ҳам икки халқ манфаатларига, шунингдек, минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари икки томон ҳамкорлигининг устувор вазифалари ва Ўзбекистон Президентининг 2014 йил ноябрида Қозоғистонга қилган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳақида фикр алмашди.
Манбада қайд этилишича, икки давлат раҳбарларининг ушбу мулоқоти телефон орқали бўлиб ўтган.
Изоҳ (0)