Қороқалпоғистонлик футбол мухлислари Ўзбекистон Кубоги 1/16 финали доирасида Нукус шаҳридаги «Турон» стадионида бўлиб ўтадиган «Орол» ва Ғузорнинг «Шўртан» жамоалари ўртасидаги ўйинга ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадасини тайинланишини ПФЛдан сўради, деб хабар бермоқда «Stadion.uz». Қуйида ушбу мурожаат матнини тақдим этамиз.
Ўзбекистон футболини жаҳонга танитиш борасида Равшан Эрматовнинг бугунги кундаги меҳнати эътирофга сазовордир. У ҳақида гапириш ҳар бир ўзбекистонлик мухлислари учун ёқимли мавзудир. Жаҳон чемпионатлари тарихида ҳозирча энг кўп ўйинни бошқарган ва қолаверса, Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками.Осиё кубоги−2015 очилиш учрашувини ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошқариши ҳақидаги хабарни эшитганимда бошқалар каби мен ҳам хурсанд бўлдим, у бунга жуда ҳам ҳақли эди. ОФК раҳбариятининг бизнинг ҳакамимизга “A” гуруҳи вакиллари — Австралия ва Қувайт ўртасидаги очилиш учрашувни ишониб топшириши, бу ўзбек ҳакамига берган энг юқори баҳодир. Хўш, қайси ҳакам илк учрашувни бошқаришни истамайди дейсиз. Бу барча ҳакамлар учун катта шарафдир.
Р.Эрматовнинг нуфузли мусобақанинг очилиш ўйинини ҳисоб бўйича учинчи марта бошқариб бориши эди. У бундан ташқари 2010 йил Жанубий Африка Республикасида ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувида майдон эгалари ЖАР ва Мексика, шунингдек 2012 йилнинг ёзида ўтган Лондон олимпиадасининг очилиш учрашувида Буюк Британия − Сенегал ўйинини ҳам бошқарган.
Равшан Эрматовнинг барча мусобақаларда бошқарган ўйинларини кузатар эканмиз, бир нарсага амин бўлдик-ки, у ўйинни одилона бошқариши, майдонни яхши кўра олиши, бўлар-бўлмасга ҳуштак чалавермаслиги, ўйин темпига ўз таъсирини ўтказмаслиги, тезкорлиги, кучли жисмоний тайёргарликка эга эканлиги ва ўйинни тушуниши, қоидаларни яхши билиши, футболчилар билан тил топишиш бўйича ҳам кучли характерга эга эканлиги, учрашув давомида ўйинчиларга ноҳақ карточкалар бермаслиги, ўз қарорларини ўз вақтида аниқ қабул қилиши туфайли, ҳаттоки футболчилар ҳам у билан баҳслашишмайди. Равшан Эрматов табиатан камтар ва ўзининг бу хислатини сақлаб қолган. Унинг фалсафаси ҳурмат, одоб ва кучли характерга асосланган.
Ҳурматли Фарҳод Абдуалиевич,
Биз, қороқалпоғистонлик футбол мухлислари сиздан шуни илтимос қиламизки, Ўзбекистон Кубоги 1/16 финали доирасида Нукус шаҳридаги «Турон» стадионида бўлиб ўтадиган «Орол» ва Ғузорнинг «Шўртан» жамоалари ўртасидаги ўйинга ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадасини тайинлашингизда ёрдам беришингизни сўраймиз.
Zero, Равшан Эрматов ҳали Қорақалпоғистонда ҳакамлик қилгани йўқ. Агар у Нукус шаҳрига ташриф буюриб ушбу учрашувда ҳакамлик қилса, бу қорақалпоғистонлик футбол ишқибозлари учун ҳақиқий байрамга айланган бўлар эди. Умид қиламизки, ПФЛ бизни ана шундай байрамдан баҳраманд бўлишимизга катта ёрдам беради.
Ҳурмат билан, қорақалпоғистонлик мухлислар номидан
Абдумажид Қодиров ва Фурқат Юсупов.
Изоҳ (0)