Chevrolet компанияси 2015 йилги Нью-Йорк автосалонида янгиланган Spark компакт-кари ва тўққизинчи авлод Malibu технологик седанини тақдим этди, дея хабар бермоқда «Pixland.uz».
Эслатиб ўтамиз, янги Spark Opel Karl ва Vauxhall Viva моделлари билан умумий платформада қурилган. Янги модель ҳажмининг аниқ ўлчамлари ҳозирча маълум эмас, фақатгина у аввалги моделдан 40 миллиметрга пастроқ эканлиги айтилган, бунинг эвазига аэродинамика яхшиланган. Шунингдек, янги концепт-кар узунроқ ҳам бўлади.
Ушбу Spark автомобилларида Opel ва Viva’нинг 1,4 литрли Ecotec двигатели ўрнатилади, яна қандай двигателли версиялар чиқарилиши маълум қилинмаган. Янги Spark 100 километрга 5,8 литр ёқилғи сарфлайди. Моделнинг ташқи кўринишида ҳам ўзгаришлар мавжуд, ички дизайн эса ошкор қилинмаган.
Янги Malibu эса аввалги версиясидан 140 килограммга енгилроқ бўлади. Вазн енгиллашувининг учдан бир қисми ўта чидамли пўлатдан ишланган янги кузов конструкцияси ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, қатор элементлар мустаҳкамлигини сақлаб қолган ҳолда ингичкалаштирилгани ҳам оғирликни камайтиришга имкон берган.
Қайд этилишича, қувват мосламалари таркибидан 1,8 литрли бензинли двигателдан ташқари Volt электромотори ҳамда 1,5 киловатт/соат қувватга эга литий-ион батареялар тўплами ўрин олади. Уларнинг умумий қуввати 182 от кучини ташкил этади.
Фақатгина электромотор ишлаб турганда Malibu 86 километр/соатгача тезликда ҳаракатлана олади, юқори тезликда эса бензинли двигатель қўшилади. Қўшма режимда Malibu 100 километрга 5,2 литр бензин сарфлайди. Шунингдек, тўхташ вақтида йиғиладиган энергияни сақлаб олиш тизими ҳам қўлланилади.
Изоҳ (0)