Франция жанубида ҳалокатга учраган Airbus А320 самолёти бортида бўлган уч нафар қозоғистонлик аслида бошқа рейс билан − Франкфурт орқали қайтиши керак бўлган, улар чиптани охирги дақиқалардагина алмаштирган, деб хабар бермоқда «Tengrinews.kz».
Қайд этилишича, Ербол Иманкулов рафиқаси Айжан Исенгалиева ва ўғли Одил билан таътилни Европада ўтказиш учун йўл олган. Ота ва ўғил футболга жуда қизиққани туфайли «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги ўйинни кўриш учун Испанияга боришган. Иманкуловларнинг 14 ёшли қизи Диана эса виза билан боғлиқ муаммо туфайли оиласи билан Европага уча олмаган.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Франция жанубида Барселонадан Дюссельдорфга парвоз қилаётган Germanwings авиакомпаниясининг Airbus А320 самолёти ҳалокатга учраши оқибатида лайнер бортидаги 150 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган эди. Ҳозирда учувчи самолётни атайин қулатгани юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)