Икки номаълум шахс Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Туялас маҳалласида жойлашган мол бозори ҳудудида фирибгарлик жиноятини содир этгани аниқланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати.
Улар бозорда Булоқбоши тумани Найман қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг олдига келиб, алдов йўли билан унинг ишончига кириб, икки бош қорамолларини савдолашиб, улардан бири қорамолларни автомашинага юклаб, иккинчиси пулларни Андижон шаҳар Олтинкўл маҳалласидаги «Ниҳол» ошхонасида беришини айтиб, у ерга етиб борганидан сўнг чалғитиб, пулни бермай воқеа жойидан яширинган. Жабрланувчи алданганини билгач, ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилган.
Воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходимлари томонидан жиноят жойи кўздан кечирилиб, жабрланувчи ва гувоҳлар билан суриштирув ишлари олиб борилгач фирибгарларнинг ташқи кўринишлари ҳақида маълумотлар тўпланиб, тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилди. Натижада Андижон туманида яшовчи 30 ёшли икки фуқаро гумонланиб қўлга олинди ва уларнинг содир этган жинояти тўлиқ фош этилди.
Ушбу фирибгарлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)