Қорақалпоқ элининг истеъдодли санъаткори актриса Шаҳзода Матчонова билан суҳбатлашар эканмиз, унинг ички дунёси ташқисидан-да гўзалроқ эканига амин бўлдик, деб хабар беради «Darakchi.uz».
Шаҳзода 2014 йилнинг энг яхши актрисаси номига лойиқ актрисалар қаторига қўшишганидан хурсанд эканлигини маълум қилди: «Аввалги йилларга нисбатан камроқ ижод қилган бўлсам-да, эътиборсиз қолдиришмагани менга янада катта масъулият юклайди. 2015 йилда менга ишонган ва ижодимга ҳурмат билан қараганларнинг ишончини оқлашга чин дилдан ҳаракат қиламан. 2014 йилнинг энг яхши актрисаси номига Асал лойиқ топилганидан жуда хурсанд бўлдим».
Актриса ўз фаолиятидаги илк салбий роли — «Сароб» фильмидаги роли ҳақида фикр билдирди: «Томошабинни ишонтира олганимдан хурсандман. Аслида бу ролга узоқ вақт тайёргарлик кўрганман. Ўзбек ва хорижлик ҳамкасбларимнинг ролларини кузатиб, улардан нимадир ўрганишга ҳаракат қилардим. Ишонсангиз, фильмдаги қаҳрамоним ичкилик ичиб, ўзини ўлимга маҳкум қиладиган саҳнасини бир дублда суратга олганмиз. Балки бунга характеримга жуда зид бўлган аёл образига шу қадар киришиб кетганим сабаб бўлгандир. Тасвирга олиш ишларида юракдан, маза қилиб ишлаганман. «Сароб» рэпертуаримдаги энг севимли фильмларимдан бири».
Актриса режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан ҳамкорлик ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди: «Аслида ҳам ижодим давомида кутган ва содир бўлган ёқимли воқеалардан бири бу Зулфиқор Мусоқовнинг фильмида суратга тушганим бўлди. Аслида кинога кириб келишимга қайсидир маънода шу режиссёр сабабчи, деб биламан. Айнан Зулфиқор Мусоқов кўп йиллар илгари мени синаш учун кастингга таклиф қилган эди. Етти йил деганда кутган ҳамкорлигим амалга ошди. Илк бор лирик комедия жанрида ўзимни «Новда» фильмида синаб кўрдим. Сценарийни биринчи марта ўқиганимда «Бу қўлимдан келадими» деган саволни ўзимга-ўзим кўп бора бердим. Аммо Зулфиқор Мусоқов актёр билан ишлашни яхши биладиган режиссёр, у бизга катта ёрдам берди».
Актёр учун марра нима эканлиги ҳақидаги саволга Шаҳзода актёр маррага ҳақиқатан ҳам чарчаганда етиб келади, деб ҳисоблашини айтди: «Тўғри, кинодан кетиш жуда қийин. Унинг сеҳри инсонни ипсиз боғлаб қўяди. Аммо актёр ишлашни унуца, ижодкорга эмас, қўғирчоққа айланса, бу жуда катта фожиа ва шу орқали у ўзи билмаган ҳолда сиз айтган марра чизиғини босади. Орадаги икки йиллик танаффусим сабабларидан бири ҳам шу дейишим мумкин».
Актрисага, шунингдек, 20, 30 йилдан сўнг ўзини санъатда кўра олиш-олмаслиги билан боғлиқ савол берилди: «Албатта (кулади). Яхши ният — ярим давлат».
Суҳбат сўнгида Шаҳзоданинг вақт ўтиб унга талаб камайишидан қўрқиш-қўрқмаслиги билан қизиқишди. «Менга бўлган талабнинг камайиши муҳим эмас десам, биринчи ўринда ўзимни алдаган бўламан. Ҳар бир ижодкор каби мен учун ҳам доимо ижод оламида бўлиш, таклифлар қуршовида қолиш муҳим», — дея жавоб берди актриса.
Изоҳ (0)