Тошкентдаги Инха университети яқин орада қобилиятли ёшлар билан ишлаш бўйича ихтисослашган марказ очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда университет вакили Санжар Саидхўжаев Startup Mix тадбири доирасида кўрсатган «Тошкентдаги Инха университетининг ахборот технологиялари саноати билан ҳамкорлиги йўналишлари» мавзусидаги тақдимотида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Mobinfo.uz».
Марказ фаолиятининг асосий йўналиши истеъдодли ёшлар билан ишлаш, уларнинг ғоялари, дастурий таъминот ишланмаларини амалга оширишга кўмаклашиш, ўз фаолиятини қуришга ёрдам беришдан иборат бўлади. Бунинг учун университет махсус жамғарма ташкил этишни режалаштирмоқда. Университет вакилларининг сўзларига кўра, олийгоҳнинг вазифаси оддий дастурчиларни эмас, балки ахборот технологиялари соҳасидаги етакчиларни тайёрлашдир.
Бундан ташқари, университет тўрт қаватли янги кампус биносини қуришни, IBM, Oracle, Cisco сингари соҳанинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилишни, дастурлаш бўйича турли танловлар ўтказишни, Компьютер тарихи музейини ташкил этишни режалаштираётгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)