Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ким Ин билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонга KOICA вице-президенти Ким Ин бошчилигида ташриф буюрган делегация аъзолари пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган касб-ҳунар маркази фаолияти билан танишишди. Ушбу марказ 2012 йилнинг июль ойида меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, ҳамда KOICA ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида барпо этилган.
Ташриф чоғида KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ким Иннинг, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири А. Абдухакимов билан учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар, жумладан Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида ҳам касб-ҳунар марказларини барпо этиш ҳақида сўз юритилди.
Вазир KOICA вице-президентига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб, айни йўналишдаги ишларни жадаллаштириш лозимлигини, ҳамда касб-ҳунар марказларини келажакда Қўқон ва Урганч шаҳарларида барпо этиш, шу билан республикамиз бўйича улар сонини бештага етказиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги лойиҳа кўламини кенгайтириш лозимлиги ҳақида ҳам фикр юритилди. Ушбу лойиҳа доирасида 2014 йилда вазирлик тизимидаги «Саховат» ва «Мурувват» уйларининг раҳбарлари, ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам бериш борасида кореялик ҳамкасбларидан тажриба орттириб келишди.
KOICA вице-президентининг таъкидлашича, Корея ҳукумати юқори малакали мутахассислар тарбиялаш мақсадида касбий таълим йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиради.
Ташриф давомида делегация аъзолари марказ ўқув хоналарини кўздан кечиришди ҳамда ўқув жараёни ва марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. Ташриф ниҳоясида KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ким Ин, касб-ҳунар марказларини барпо этиш борасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги билан ҳамкорлик истиқболли эканлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)