Ўзбекистон Республикаси Президентининг «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 13 октябрдаги Фармони ҳамда «Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дастурида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари жорий йилнинг март ойидан бошлаб сиҳатгоҳларга дам олиш ва соғлиқларини тиклаш учун бепул йўлланмалар бериш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Фахрийлар дам оладиган санаторийларнинг барчасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Дам олувчилар учун шароитлар яратиш мақсадида керакли анжомлар олиб келинди, кексалар учун алоҳида меню тузилди, тиббий-ижтимоий хизматлар тури ортди.
Фахрийлар учун сиҳатгоҳларда алоҳида бўлимлар ташкил этилди. Юқори малакали шифокорлар дам олувчиларнинг соғлиқларини доимо назорат қилиб туради, ва керакли тиббий, физиотерапевтик ҳамда реабилитацион муолажаларни тайинлайди. Барча санаторийларда фитобарлар ташкил этилган, бу ерда нафақат хордиқ чиқараётган отахон ва онахонлар, балки улардан хабар олишга келган меҳмонлар ҳам гиёҳлардан тайёрланган коктейлларни тановул қилиши мумкин.
Даволаш ишларидан ташқари, сиҳатгоҳларда маданий хордиқ масалалари ҳам тўғри йўлга қўйилган. Фахрийлар истакларига кўра китоб ўқиши, шашка ва шахматда беллашиши, кино кўриши, театр ва эстрада санъаткорлари ижодидан баҳраманд бўлиши мумкин.
89 ёшни қарши олган, Тошкент шаҳридан келган Азимов Йўлдошбой, Фарғона водийсидан ташриф буюрган 88 ёшли Раимжон Бобожонов, Андижон вилоятидан келган 86 ёшли Тожиева Кароматхон ва 88-ёшли Абдуллаева Хайринисо санаторийларда яратилган шарт-шароитлардан мамнун эканлигини айтди.
Изоҳ (0)