Ўзбекистонда парламент сайлови уюшқоқлик билан ташкил этилди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси чекланган миссиясининг якуний ҳисоботида шундай хулоса қилинган. Ҳисобот 24 февраль куни ташкилотнинг сайтида инглиз тилида эълон қилинган, деб хабар берилди Ўзбекистон Республикаси ТИВ расмий сайтида.
Элчи Даан Эверц бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБ чекланган миссияси 2014 йил 21 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловини кузатди. Миссиянинг Тошкент шаҳрида 12 кишилик асосий гуруҳи ҳамда Ўзбекистон ҳудудларида 8 кишилик узоқ муддатли кузатувчилари иш олиб борди.
Миссиянинг якуний ҳисоботида қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятида шаффофликни таъминлаш ва жамоатчиликни сайлов ҳақида хабардор қилиш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрди. «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловга техник жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрди ва қонунчиликда белгиланган муддатларга амал қилди», деб таъкидлади экспертлар.
Миссия кузатувчилари шуни қайд этдики, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларда ЕХҲТ ДИИҲБнинг аввалги айрим тавсиялари инобатга олинган ва сайлов кампанияси ва овоз бериш тартиб-таомилларига нисбатан янада батафсил қоидалар жорий этилган. Хусусан, қамоқда сақлаш жойларида овоз бериш имкониятини тақдим қилиш кўзда тутилган.
иссия, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ депутатликка номзодларнинг сайлов билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қопланганини таъкидлаган. Бунда бўлиб ўтган парламент сайловида молиялаштириш маблағлари миқдори сезиларли даражада оширилганига эътибор қаратилган. Номзодлар ва сиёсий партиялар ўз сайловолди ташвиқотларини маҳаллалар ва сайлов комиссиялари кўмагида амалга оширди. Сиёсий партиялар ва номзодларнинг ташвиқот тадбирлари яхши ташкил қилинган, зарур ресурслар билан таъминланган ва тўсқинликсиз ўтди.
Умуман айтганда, овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёни, миссия кузатувчилари фикрича, самарали ва шаффоф ўтди. Улар ташриф буюрган сайлов участкаларида сайловчиларнинг ҳар қандай тўсқинликларсиз овоз бериши учун зарур шароит яратилган.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари миссияси маърузасида парламент сайловида аёллар ва этник камчилик вакилларининг фаол иштирок этгани юксак эътироф этилган. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олган 535 нафар номзоднинг 170 нафари хотин-қизлар бўлиб, номзодлар орасида этник камчилик вакиллари ҳам бор.
Шу билан бирга, ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари чекланган миссияси якуний ҳисоботида кузатув давомида аниқланган камчиликлар ва уларни кейинги сайловларгача бартараф этиш бўйича қатор тавсиялар берган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда Президент сайловини кузатиш бўйича фавқулодда ва мухтор элчи Каетана де Зулуета бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБ чекланган миссияси ўз ишини бошлади. Миссия таркибида 11 нафар халқаро эксперт, шунингдек, жойларда иш олиб бориш учун 10 нафар узоқ муддатли кузатувчи бор.
Изоҳ (0)