Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасидаги И. Савицкий номидаги санъат музейида мусаввир Женис Лепесов ижодига бағишланган кўргазма очилди. Унда рассомнинг «Бахт», «Оналик», «Сўзана фонидаги қорақалпоқ қизи», «Наврўз» каби картиналари намойиш этилмоқда, деб хабар беради «Uz24.uz».
Таниқли мусаввир Женис Лепесов қорақалпоқ тасвирий санъатида ўзига хос сюжет ва образлар орқали миллий йўналиш ярата олган рассомлардандир. Унинг «Созандалар», «Кунгабоқар», «Хўжайлининг эски кўчаси», «Жайҳун гўзали», «Нукусдаги хиёбон» каби қатор картиналари мутахассис ва мухлислар эътиборини қозонган.
И. Савицкий номидаги санъат музейи фондида рассомнинг 50 дан зиёд асари сақланмоқда. Улар орасида, айниқса, Ўзбекистоннинг бетакрор табиати ва она замин неъматлари ёрқин рангларда ифодаланган асарлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Хусусан, мусаввирнинг портрет жанрида яратган картиналарида фидойи юртдошларимиз сиймосида миллийлик яққол гавдаланади.
Умрининг 70-баҳорини қарши олаётган таниқли рассом Женис Лепесов бугунги кунда ҳам тасвирий санъат сирларини ёшларга қунт билан ўргатиб келмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар устози 30 йилдан буён Й. Қўспўлатов номидаги санъат мактабида ёшларга таълим бериб келади. Унинг шогирдлари орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳам бор.
Изоҳ (0)