Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 21 февраль куни Жиззах ва Самарқанд вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Жиззах вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссиясининг раиси А. Сатторов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М. Каримова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Учрашувда Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда аҳоли, айниқса, кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг истеъмол эҳтиёжларини тўла қондириш мақсадида маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, юқори сифатли истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қишлоқ жойларида оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашни кучайтириш вазифалари белгиланган.
Учрашувда Жиззах транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежи директори Қ. Эргашев, Жиззах тумани фермерлар кенгаши раиси А. Абдураҳмонов, Зомин тумани 1-ўқувчилар ижодиёт маркази директори Г. Абдулҳакимова ва бошқалар номзоднинг дастури ва унда белгиланган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократик ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганининг амалдаги ифодаси эканини таъкидлади.
Самарқанд вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг раиси Й. Аллаёров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили К. Исабеков йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов сайловчиларга ўз сайловолди дастурида илгари сурилган асосий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
Дастурда ижтимоий шериклик институтларини янада ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш ва мазкур масалаларда суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар белгиланган. Аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат назоратини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда Каттақўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактаби директори З. Бердиева, Халқ демократик партияси Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси Т. Ҳамидов ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унда белгиланган устувор йўналишлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда халқ турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилганини таъкидлади.
Изоҳ (0)