«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – 2015» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Жамоатчилик сўровида аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари – эркаклар ва аёллар, ёшлар, пенсионерлар, турли миллат ва дин вакиллари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.
Сўров орқали уларнинг миллий қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча тўрт партия – Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга эканини билиши маълум бўлди.
Сўров фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш муҳим аҳамиятга эга экани ва бу уларга ўз фуқаролик бурчини бажариш ва конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имконини беришини кўрсатди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш фуқароларнинг кўпчилиги учун ватанпарварлик туйғусини намоён этиш, Ўзбекистон билан фахрланиш ва буюк келажакка ишониш ифодасидир.
Шунингдек, фуқароларнинг аксарияти учун оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги воқеалар, сайловолди кампанияси ҳақида ахборот етказиб берадиган асосий манбадир. Сўровга кўра, 95,4 фоиз фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини мунтазам кузатиб бормоқда. Ҳар иккинчи иштирокчининг фикрича, республика оммавий ахборот воситалари бўлажак сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов кампаниясининг ҳуқуқий асосларига тааллуқли хабарларни тезкор ва ўз вақтида тарқатмоқда.
Изоҳ (0)