Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 17 февраль куни Бухоро ва Навоий вилоятларида сайловчилар билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Бухоро вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро округ сайлов комиссияси раиси М.Даминов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Турсунов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида ижтимоий ҳимоя ва унинг амалда қўлланилиши доимий эътибордаги масала эканига алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимизда «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» тамойили асосида олиб борилаётган сиёсатни ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришда, аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, ёши, миллати ва ижтимоий-иқтисодий аҳволи, келиб чиқишидан қатъи назар, барчага тенг имкониятлар яратиб бериш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби муҳим вазифалар илгари сурилган.
Вобкент туманидаги стоматология поликлиникаси бош шифокори М.Ҳамидов, Бухоро шаҳридаги "Фурқат сервис плюс" масъулияти чекланган жамияти раиси Ф.Қодиров, Бухоро енгил саноат ва педагогика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Х.Алимов ва бошқалар номзоднинг дастури ва унда илгари сурилган асосий вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократия тамойилларига амал қилинаётганидан, миллий сайлов тизимимиз халқаро нормаларга тўла мос келишидан яққол далолат эканини таъкидлади.
Навоий вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссиясининг раиси Ў.Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Г.Сатторова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида социал-демократиянинг анъанавий қадриятларига таянган ҳолда аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга хизмат қиладиган иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилишига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, инновацион иқтисодиёт масаласига урғу берилган. Яъни, фақат янги технологияга асосланган иқтисодиётгина давлатимиз қудратини ошириши, ижтимоий соҳанинг тараққий этишига хизмат қилиши қайд этилган. Иқтисодиёт, фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига, шунингдек, илғор инновацион тафаккурни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниш зарурлиги белгиланган.
Учрашувда Қизилтепа тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш, ташкил этиш бўлими мудири Р.Аслонова, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Вафоев ва бошқалар номзоднинг дастури ва унда илгари сурилган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)