Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Қизилтепа қишлоғида янги маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Бунёдкор файз» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган мазкур маскан турли тўгарак хоналари, 150 ўринли зал ва бошқа объектларни ўз ичига олган бўлиб, 22 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади.
«Бу ерда бадиий ҳаваскорлик, тасвирий ва амалий санъат ҳамда бошқа йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил этиш учун 26 хона ажратилган, — деди марказ раҳбари Норқул Тўраев. — Залда турли томошалар, концерт дастурлари уюштирилади. Марказимиз Қизилтепа, Араб, Қўштамғали, Совсан, Ногаҳон каби қишлоқлар аҳолисига хизмат кўрсатади. Асосий мақсадимиз — аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маданий-маърифий ва кўнгилочар хусусиятга эга бўлган хилма-хил хизматлар кўрсатишдан иборат».
Маълумотларга қараганда, вилоятда тегишли дастур бўйича бу йил 28 маданият ва аҳоли дам олиш маркази ташкил этилади. 2018 йилгача 74 та шундай объект бунёд этилади.
Янги марказнинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят санъаткорларининг концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ (0)