Ўтган йил давомида Жиззах вилоятида лицензиялашга доир қонунчилик меъёрларини бузган шахслар умумий миқдорда 324 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
2014 йил мобайнида Жиззах вилоятида агентликнинг ҳудудий бўлими томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ва солиқ органлари билан ҳамкорликда 178 та қўшма рейд тадбирлари амалга оширилди. Ушбу рейдларда жами 7086 та автотранспорт воситаси текширилиб, шундан 1076 тасида меъёрий-ҳуқуқий талабларнинг бузилиши ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, 692 та автотранспорт воситасида тегишли рухсатнома (лицензия) бўлмагани ҳолда ноқонуний йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланилганлиги қайд этилди. Қонунбузарлик фактлари расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар чора кўриш учун солиқ идораларига жўнатилди ва суд орқали уларга нисбатан жами 324 миллион 300 минг сўмдан ортиқ миқдорда моддий жарима қўлланилди.
Рейдлар чоғида, шунингдек:
- 152 та автотранспорт воситасида зарур ҳужжатлар (ҳайдовчилик гувоҳномаси, йўл варақаси, йўналиш чизмаси) йўқлиги;
- 10 та автотранспорт воситаси тегишли идоралар рухсатисиз қайта жиҳозланганлиги;
- 186 та автотранспорт воситаси мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаганлиги;
- 36 та автотранспорт воситаси кунлик техник кўрикдан ва уларнинг ҳайдовчилари кунлик тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланди.
Изоҳ (0)