Кеча, 4 февраль куни «Насаф» футболчилари Анталиядаги йиғин доирасида тўртинчи назорат учрашувини «Динамо» (Тбилиси) жамоасига қарши ўтказди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Учрашувдан олдин ҳар иккала жамоа аъзолари вилоят футболи фидойиси, Қашқадарё вилоятининг собиқ ҳокими, марҳум Нуриддин Зайниев хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлади.
«Насаф» футболчиларида ҳисобни очиш учун қулай имкониятлар туғилган бўлса-да, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида «динамо»чилар тўп киритиб, ғалабани ўзи томонга оғдириб олди.
Таркибидаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлинса, «Насаф» клубида кўрикда бўлиб турган украиналик Сергей Шаповал клуб лагерини тарк этди.
Айни пайтда словениялик ҳимоячи Рой Рок «Насаф» таркибида кўрикдан ўтмоқда. У кечаги ўйинда илк марта «Насаф» либосида майдонга чиқди.
Таъкидлаш жоиз, қаршилик футболчилар 22 январдан буён Анталияда ўқув-йиғин машғулотлари ўтказиш билан бирга тўртта назорат учрашувини ўтказди. Икки учрашувда ғалаба «Насаф» футболчилари томонидан бўлган бўлса, икки ўйинда кичик ҳисобда имконият бой берилди.
Изоҳ (0)