Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ўзининг тахтга ўтириши муносабати билан давлат хизматчилари, пенсионерлар ва ўқувчи-талабаларга икки ойлик тўлов миқдорида жами 30 миллиард долларга тенг пул мукофотини топширишга қарор қилди, деб хабар бермоқда «Оху.аз».
Бундан ташқари 500 минг нафар маҳкум фуқаролардан 500 минг риал (тахминан 133 минг доллар) миқдоргача бўлган жарималарни кечирган, хорижлик маҳбусларни эса қиролликка киришни тақиқлаш шарти билан мамлакатдан чиқариб юборишга фармон берган.
Шунингдек, янги қирол аҳолини электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш учун янги иншоотлар қуриш учун 20 миллиард доллар ажратган. Барча адабий клублар ва футбол бўйича Саудия Арабистони чемпионатининг суперлигаси клубларига 10 миллион риалдан, биринчи лига клубларига 5 миллион риалдан, бошқа барча клубларга 2 миллион риалдан ажратган. Хайрия жамғармаларига 2 миллиард риал, Бирдамлик кооперативлари уюшмасига 200 миллион риал, касаба уюшмаларига 10 миллион риалдан ажратган.
Янги қирол ўзининг Twitter’даги саҳифасида Аллоҳдан дин ва ватанга хизмат қилиш учун ёрдам сўраган. Шунингдек, у ўз халқининг хизматларига ҳеч қандай мукофот лойиқ бўлолмаслигини таъкидлаган. Ушбу твит 2 соат ичида 175 минг мартадан ортиқ ретвит қилинган.
Изоҳ (0)