Қозоғистоннинг жанубий пойтахти — Олма-Ота шаҳри жамоа транспорти 2017 йилгача тўлиқ газ ва электр билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларига ўтказилади. Бу ҳақда «Tengrinews.kz» ахборотига таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Олма-ота акими (ҳокими) Аҳметжан Есимов Европа Тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда газда ҳаракатланувчи 200 та автобус сотиб олинганини хабар берган.
«Яна 400 та шундай автобус сотиб олинади. Бундан ташқари, бу банк билан ҳамкорликда 200 та троллейбус ҳам сотиб олинди», — деди Олма-Ота шаҳри раҳбари.
Ҳозиргача Олма-Ота шаҳри жамоат транспортининг 70 фоизи газ ва электрда ҳаракатланмоқда, йўловчилар ҳам экологик жиҳатдан тоза транспорт турини кўпроқ маъқул кўрмоқда.
Маълумот учун, 2014 йил Олма-Отада 260 миллион йўловчи ташилган бўлиб, бу 2013 йилги кўрсаткичдан 12 фоизга кўп, экологик тоза транспорт тури йўловчилари сони эса 34 фоизга кўпайган.
Олма-Отада 2015 йил охиригача электр чипта олиш тизимини тўлиқ жорий этиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, яқин вақт ичида автобусларда кондиционерлар пайдо бўлиши, шаҳарда эса енгил рельсли транспорт йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)