Бугун, 20 январь куни «Спортс Сеул» мухбири Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовдан интервью олишга келди. Бироқ Мельбурндаги «Лейк Сайд стедиум» ўйингоҳида машғулотларни тугатган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи корейс нашрига интервью бергиси келмади, деб хабар беради «Stadion.uz».
Корейс нашри ёзишича, Миржалол Қосимов «No English, only Uzbek language», — дея таржимон орқали «Инглиз тилини билмайман. Шунинг учун ўзбек тилида савол берсангиз, майли», — деб айтган.
«Спортс Сеул» шундай ёзади: «Ўз вақтида Россия чемпионатида тўп сурган Миржалол Қосимов Ўзбекистоннинг ‘Хонг Мюн Бо’си ҳисобланади. Биз унинг инглиз тилини билмаслиги ҳақиқатдан узоқлигини биламиз. Миржалол Қосимовнинг 2013 йил 11 июнь куни Сеулда ўтган ЖЧ саралаш ўйинига келганидаги ҳолатини яхши эслаймиз. Ўшанда у талаффузи яхши бўлмаса-да, ўз фикрларини инглиз тилида тўлиқ билдира олган эди. Бизнингча, ўзини камтар тутиб, жимгина машғулот ўтказиш учун шундай деган бўлиши мумкин.
Шу вақтгача Миржалол Қосимов бизнинг терма жамоа ҳақида фикр билдиришдан ўзини тийиб, ‘Korea good team’ («Корея яхши жамоа») дея қисқа фикр билдириш билан чекланяпти.
Биз Ўзбекистон терма жамоасининг машғулотларини кузатишга муваффақ бўлдик. Футболчилар кайфиятлари яхши ҳолатда машқ қилди. Олтига олти тарзида мини-ўйин ҳам қилишди. 45 ёшли бош мураббий ҳам футболчилар билан югуриб, тер тўкяпти. Ҳозирда кимгадир ‘Жанубий Корея — Ўзбекистон ўйинида ким ғалаба қозонади?’ дея савол берилса, кўпчилик ‘Табиийки, Жанубий Корея’, дея жавоб бериши тайин. Лекин сўнгги тўқнашувларда Ўзбекистон терма жамоаси бизнинг терма жамоа билан тенгма-тенг ўйнаганлигини эътибордан соқит қилиш ярамайди».
Изоҳ (0)